Ўзаро ҳамкорликни яхшилаш мақсадида Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан Ўзбекисон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ичқи ишлар вазирлиги хамда Давлат хавфсизлиги хизмати хамкорлигида жорий йилнинг апрел ойида “Мобил гуруҳ ташкил қилиш йўли билан Ўзбекистонда афғон гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасига қарши курашиш” доирасида Сурхондарё вилоятида ўқув тренингни ташкил қилинди. Ўқув тренингда вилоят божхона бошқармаси ҳам иштирок этди. Унда бошқармаси бошлиғи Т.Саидов сўзга чиқиб, гиёҳвандлик фақатгина унинг домига тушиб қолган шахснинг фожеаси эмас, балки жамият равнақига ҳамда юрт тараққиётига болта урувчи офатлиги, шундай экан, ушбу мудҳиш иллатга қарши курашишда барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўзаро ҳамкорликда, бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, тренингга ташриф буюрганлар ҳам ҳозирги вақтда дунё бўйлаб афғон гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш кўлами ортиб бораётганлиги, машъум иллат домига тортилаётган инсонлар, айниқса ёшлар сонининг камаймаётганлигини бу иллатга қарши курашишни янада кучайтириш нақадар зарурлигини билдиришди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини тўлақонли бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўз ортидан бошқа қора иллатларни ҳам етаклаб юрадиган гиёҳвандлик балосига қарши курашишда юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган. Мамлакатимиз 1995 йил февраль ойида БМТнинг 1988 йилдаги “Гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясига қўшилган. 1999 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга зид равишда муомалада бўлишнинг ҳар қандай кўринишларига қарши жиноий жавобгарлик белгиланган.
30.04.2019