Ўзбекистонда коррупцияни енгиш, мансабдор шахсларнинг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган давра суҳбатида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси масъул ходими Ж.Вафаева, Жомбой туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси С.Мажидовлар томонидан қилинган маърузаларда айнан коррупция мавзусига эътибор қаратилди.
– Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди, – дейди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов. – Унга кўра, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шарт.
Энг эътиборли жиҳати, Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан бир қаторда, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки таъминланиши назарда тутилди.
Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қонунни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланиб, комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда вилоят божхона бошқармасида коррупцияни олдини олиш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, бошқарманинг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган. Шу билан бирга баннерлар ясатилиб, унда коррупциянинг салбий оқибатлари ҳамда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефони акс эттирилган. Янги ишга қабул қилинган божхона ходимларининг ота-оналари ва яқинлари билан мунтазам равишда профилактика тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Мақсад битта, “Божхоначи” деган шарафли касбни ардоқлаб, юртимиз иқтисодиёти тараққий топишида муносиб ҳисса қўшишдир.
27.04.2019