Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашнинг ҳар қандай схемаларини фош этиш эса бугунги куннинг божхона органлари олдида турган энг долзарб вазифаларидан бўлиб турибди.
“Жиззах” ташқи иқтисодий фаолияти божхона пости ходимлари ҳам юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, божхона расмийлаштируви вақтида божхона тўловларини тўғри ҳисобланиб, ундирилиши устидан доимий равишда мониторинг ишларини олиб бормоқдалар.
Яқинда вилоятда фаолият кўрсатувчи маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган, кондиционерлар учун мўлжалланган ҳавони филтрловчи ускуналарни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш давомида ҳужжатларда мазкур товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги коди нотўғри кўрсатилгани аниқланди.
Яъни, ушбу товарларни ҳужжатларда бироз бошқача ном билан – қуритиш учун мўлжалланган ускуна сифатида қайд этиш орқали акциз солиғини тўлашдан қочишга уринишган.
Модомики, ушбу товарлар ҳужжатларда ҳавони филтрловчи ускуна сифатида кўрсатилганида, амалдаги тартибларга кўра, товарнинг божхона қийматидан 10 фоиз миқдорида акциз солиғи, ушбу ҳолатда эса 12 млн. 800 минг сўм божхона тўловлари ундирилиши лозим эди.
Якунда эса мазкур ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан қўшимча ҳисобланган 12,8 млн. сўмлик божхона тўловлари ўз вақтида ундирилиши таъминланди.
23.04.2019