Давлатимиз раҳбари томонидан экспортни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулай тадбиркорлик муҳити яратилмоқда. Бугунги кунда, халқаро стандартларга мос равишда божхона кўриги ва божхона расмийлаштируви давомийлигини қисқартириш учун хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармони билан ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида божхона юк декларацияларини “сариқ”, “қизил”, “яшил”, “кўк” йўлакларга йўналтириш орқали божхона расмийлаштирувини амалга оширмоқдалар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 163-сонли қарори асосида тадбиркорларга берилаётган имконият ва имтиёзларнинг самарасини биргина Сурхондарё вилояти экспорт ҳажмининг ўсаётгани билан ифодалашимиз мумкин.
Хусусан, вилоятда ўтган 2018 йилнинг биринчи чорагида қиймати 14 миллион 822 минг АҚШ долларига тенг 25 минг 198,6 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида қиймати 20 миллион 639,4 минг АҚШ доллари миқдоридаги 36 минг 386,5 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу эса ўтган йилга нисбатан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 39 фоизга ўсганидан далолатдир. Ушбу статистик маълумотни Сурхондарё вилоятдаги чегара божхона постлари орқали экспортга йўналтирилган юк автомашиналари мисолида олсак, 2018 йилнинг биринчи чорагида бир кунда чегара божхона постлари орқали ўртача 15-16 та мева-сабзавот маҳсулотлари юкланган автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич бир кунда 20-21 та юк автотранспорт воситаларини ташкил этди. Вилоятдаги божхона постлари кесимида таҳлил қилинганда, ўтган йилнинг биринчи чорагида “Айритом” чегара божхона пости орқали 1289 та, “Сариосиё” чегара божхона пости орқали 129 та юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса бу рақамлар “Айритом” чегара божхона пости орқали 1635 та, “Сариосиё” чегара божхона пости орқали 192 та юк автотранспорт воситалари мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга олиб чиққан.
Экспортга йўналтирилган юк автотранспорт воситаларининг божхона чегаралари орқали ҳаракатланиши кун сайин ортиб бораётир. Чегара ўтказиш пунктларида эса тирбандликларини олдини олиш мақсадида божхона назоратининг замонавий техник воситалари базаси доимий янгиланмоқда.
Тадбиркор ва ҳайдовчилар учун Давлат божхона қўмитаси томонидан яна бир қулайлик жиҳати, эндиликда www.customs.uz божхона расмий веб-сайтининг “Тадбиркорлар учун зарур маълумотлар” рукни орқали чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони, божхона юк декларацияларининг расмийлаштирувдаги ҳолати ва очиқ турдаги божхона омборлари бўйича онлайн маълумотлар олиш имконияти яратилган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш ва бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
23.04.2019