Учрашув тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар, божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликларни етказиш, шунингдек божхона соҳасида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланди.
Директор Х.Шамсидиновнинг таъкидлашича, 2004 йилдан бери фаолият юритаётган ушбу корхонада аҳолига сифатли гўшт, тухум маҳсулотлари ва зотдор жўжаларни етказиб беришга ихтисослашган.
2017 йилда корхона иш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Германия ва Канададан она товуқларни боқиш ва инкубацияси, наслчиликни ривожлантириш учун мўлжалланган 2,3 млн. евро қийматидаги технологиялар келтирилди.
Корхона томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг 30-40 фоизи кўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Яқин истиқболда корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Тожикистон Республикасига сармоя киритиб, паррандачилик бўйича қўшма корхона очишни режалаштирмоқда.
Қизғин руҳда ва савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашувда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон Фармони, “Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 20 июндаги ПҚ-3794-сон, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон ҳамда “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш қоидаларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июлдаги 536-ф-сон фармойишининг (паррандачилик хўжаликларига 2018 йилда кунлик жўжаларни (ТИФ ТН коди 010511) ва парранда гўштини (ТИФ ТН коди 0207) белгиланган тартибда экспорт қилишга рухсат берилгани юзасидан) мазмун-моҳиятига қаратилди.
Учрашув давомида, корхона раҳбари Х.Шамсидинов томонидан, паррандачилик соҳасида етиштирилаётган маҳсулотларнинг тан нархини сезиларли даражада арзонлашиши ҳамда ушбу соҳани республика бўйича янада ривожланишига кўмак бўлиши учун паррандачилик соҳасида зарур бўлган озуқавий маҳсулотларнинг айрим турларига божхона тўловларидан имтиёзлар бериш таклифи билдирилди.
Учрашув сўнгида, корхона иш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, ишлаб чиқариш цехлари, корхона ҳудуди, омборлари ва секторлар билан яқиндан танишилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 21 июнь куни “Тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлили”га бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилди.
Наманган вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
20.07.2018