Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар тадбиркор ҳузурида
2091
Давлат божхона хизмати органларида апрель ойида ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ойлиги давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг бевосита корхона ва ишлаб чиқариш объектларига борган ҳолда ҳуқуқий кўмак ва амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Божхоначилар тадбиркор ҳузурида

Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ангрен” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ҳам божхона қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар, тадбиркорлар учун жорий қилинган қулайликлар ва енгилликларни тадбиркорларга яқиндан етказиб келишмоқда.

Оҳангарон туманидаги "OHANGARON RUSTAM AGRO" маъсулияти чекланган жамияти ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқда.

Хусусан, корхонада мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга оширилмоқда. Қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларнинг хорижга экспорт қилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаётгани маҳсулотларнинг хориждаги ҳамкорларга тезроқ етиб боришига ҳам ҳисса қўшади.

Биргина мазкур корхона мисолида тўхталадиган бўлсак, 2019 йилнинг биринчи чорагида бу ерда қайта ишланган ва қадоқланган, қиймати 69 минг АҚШ долларига тенг 62.5 тонна қуритилган мева махсулотлари, жумладан наматак, ерёнғоқ, олхўри, ўрик, олма, нок ва олча қоқилари экспорт қилинди.

- Корхонамизда фақат қуруқ меваларни экспорт қилиш билан чекланмоқчи эмасмиз, - дейди "OHANGARON RUSTAM AGRO" МЧЖ раҳбари Алишер Машарипов. -Биз шу ернинг ўзида барпо қилган иссиқхоналаримизда етиштирилаётган помидор-бодрингларни ҳам энг аввало экспорт қилишни кўзлаганмиз.

Экспорт-импорт жараёнларининг тезлашувига ҳисса қўшган муҳим омиллардан яна бири - божхона органлари фаолиятига 2018 йилнинг 1 декабридан жорий қилинган ҳамда 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, тўлақонли равишда фаолият юритаётган “Хавфни бошқариш тизими”дир.

Мазкур тизим асосида товар-транспорт воситаларининг  божхона назорати ва расмийлаштируви махсус йўлаклар – “сариқ”, “қизил”, “яшил” ҳамда “кўк” йўлаклар орқали амалга оширилмоқда. Тизимнинг тўлақонли ишга туширилиши натижасида “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечилди.

Биргина “Ангрен” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мисолида олсак, 2019 йилнинг 1 чорагида мазкур постда 166 та экспорт божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, бунинг учун март ойи мисолида қарасак, ҳар бир декларация учун ўртача 2 соат сарфланган, холос.

Пост ходимларининг турли корхона ва цехлар бўйлаб, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

20.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг