Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона омборлари эгалари билан учрашув ўтказилди
3116
Бугун Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган божхона омбори эгалари учун бошқарманинг мутасадди бўлимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида навбатдаги учрашув ўтказилди.
Божхона омборлари эгалари билан учрашув ўтказилди

Унда асосий эътибор божхона омборлари фаолиятига доир қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига қаратилди.

Йиғилишни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Кодиров очиб, бугунги учрашувдан кўзланган асосий мақсад  божхона органлари билан ташкилотлар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишдан иборат эканлиги таъкидлади.

Учрашув аввалида иштирокчиларга вилоят ҳудудидаги божхона омборларида божхона назорати остида сақланган товарлар ҳажми ва динамикаси тўғрисида батафсил ахборотлар берилди.

Хусусан, Самарқанд вилояти ҳудудида 2018 йил 1 июль ҳолатига кўра, лицензия асосида фаолият олиб бораётган 32 та божхона омбори мавжуд бўлиб, шундан 22 таси “очиқ” турдаги ва 10 таси “ёпиқ” турдаги божхона омборларини ташкил қилади. Жорий йилнинг 6 ойи давомида оғирлиги 170 минг тоннадан ортиқ бўлган товарлар ушбу омборларга жойлаштирилган.

2018 йилнинг 1 ярми давомида 4 та хўжалик юритувчи субъектларга божхона омбори фаолияти билан шуғулланишга доир лиценезиялар расмийлаштирилган бўлса, 7 та хўжалик юритувчи субъектларнинг божхона омборларига берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилди.

Учрашув давомида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона тартиб таомилларини соддалаштириш, божхона омборида божхона назорати остида сақланаётган товарлар устидан назорат қилиш ҳамда божхона омбори фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганли хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сон Фармони билан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолиниши ва улар уч ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилиниши белгиланди. 

Шунингдек, мазкур Фармонга мувофиқ:

- 2018 йил 1 июндан бошлаб “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда бериладиган бўлди.

Маълумот ўрнида, бунга қадар “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар божхона органи томонидан чекланган муддатга, яъни 5 йил муддатга берилар эди;

- агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг, лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда, лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномаси олингандан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт.

Маълумот ўрнида, авваллари тадбиркорларга бундай имкониятлар яратилмаган, яъни агар мурожаатчига рад этиш тўғрисида жавоб хати етиб бормаса, у қайтадан мурожаат қилишига тўғри келар эди.

- 2018 йил 1 июлдан бошлаб, бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур семинар қизиқарли мулоқот, фаол мунозарали ва ўзаро фойдали фикр алмашиш тарзда ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. 

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

19.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг