Жумладан, “Аркбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости вакиллари пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамият номига хориждан юк автотранспортида кириб келган юкларни божхона кўригидан ўтказишди. Натижада, божхона юк декларациясида ҳамда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, 395 ўринда 62 380 квадрат метр тўқимачилик матолари ҳамда 41 ўринда оғирлиги 6 тоннани ташкил этган “тўқимачилик материалларидан тайёрланган тайёр маҳсулот”лар борлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, ашёвий далил сифатида олинган товарларнинг умумий қиймати 41,6 миллион сўмни ташкил этди.
Шунингдек, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам божхона назоратини четлаб ўтишга уринганлар тўхтатиб қолинди. Яъни пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамият номига хориждан келтирилган юклар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, божхоначиларга декларацияда ёки оғзаки тарзда маълум қилинмаган умумий қиймати салкам 40 миллион сўмлик “ғишт ташиш учун электр арава” товарлари борлиги аниқланди.
Мазкур постда, яна бир ҳолатда мамлакатимиздаги корхоналардан бирининг номига хориждан келтирилган товарлар белгиланган тартибда текширилганида ҳужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 26,4 миллион сўмлик болалар ўйинчоқлари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
17.04.2019