Яқинда Бухоро вилояти божхона бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан экспортёр корхоналарга амалий ёрдам беришга қаратилган сайёр учрашув ташкиллаштирилди. Унда асосан, вилоят ҳудудидаги текстил ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона ва фабрикаларга ташриф уюштирилиб, иш жараёни билан батафсил танишиш асносида, тадбиркорлар билан экспорт масалаларида кенг фикрлар алмашилди. Учрашувлар доирасида, тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид муаммолари ўрганилиши билан бир қаторда, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экспортни юксалтириш учун яна қандай тартибларни жорий этиш лозимлиги юзасидан давра суҳбатлари ҳам ташкиллаштирилди.
Эътиборлиси шундаки, айни дамда жаҳоннинг турли давлатларига экспорт қилинаётган маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида бўлиб, уларнинг сифати ва мустаҳкамлиги хорижий экспертлар томонидан эътироф этиб келинмоқда. Биргина тўқимачилик маҳсулотларини олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг 100 фоиз табиий толадан эканлиги, маҳсулотнинг инсон организмига фойдаси ҳамда ҳамёнбоплиги хориж бозорларида харидоргирлигини таъминламоқда.
Шу куни бўлиб ўтган сайёр учрашув якунида божхоначиларимиз маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишидан тортиб то экспортгача бўлган жараёни билан яқиндан танишишди ва тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганишди.
17.04.2019