Юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, яқинда Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари ҳамда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт масалалари суғурта компанияси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилди. Учрашувда божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятлар, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштириш тартиб-таомиллари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Тадбирда бошқарма масъул ходимлари томонидан божхона тартиб-таомиллари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони, 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон Қарорлари мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Якунда, мавзу юзасидан тадбиркорлар йўллаган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар қайтарилди. Шубҳасиз, ўтказилган ушбу тадбир тадбиркорлар фаолиятининг янада ривожланишида, мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
16.04.2019