Тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти соҳиби, таниқли ёзувчи ва публицист Тўлқин Эшбек иштирок қилди.
Маълумки, жорий йилнинг 19 мартида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш масалалари қаторида ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка берилаётган эътибор шу кунларда янгича мазмун-моҳият касб этмоқда.
Тадбирда китобнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамияти жонли ва таъсирчан мисоллар асосида очиб берилди.
Дарҳақиқат, китоб инсоннинг ички дунёсига нур олиб киради. Китобга меҳр қўйган, у билан дўст тутинган инсоннинг кўнглига хотиржамлик, маънавий оламига эса гўзаллик ошфута бўлади. Зеро, ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди.
- Китоб ўқиган инсонни қониқиб сув ичган дарахтга қиёслайман. Сувга тўйинган дарахт яшнагани каби, китобга меҳр қўйган инсоннинг онггу тафаккурида ҳам улкан эврилишлар, ижобий ўзгаришлар рўй беради, - деди ўз маърузасида Тўлқин Эшбек. - Ҳар бир инсоннинг ҳаётида ўзгаришлар ҳосил қиладиган севимли адабиётлари бўлади. Мен ўз ҳаётим мисолида ана шундай адабиётлар сирасига буюк ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романини киритган бўлардим. Чунки, айни шу асар шахсдан комил инсон бўлиб етишиши учун талаб қилинадиган муҳим илдизларни бадиий бўёқларда, моҳирона очиб беролган.
Тадбирда айни кунларда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган китобхонлик тарғиботи тадбирларининг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Жамият ҳаётида муҳим ўрин тутувчи шахслар, раҳбарлар, таниқли ижодкорлар ва санъаткорларининг ўзлари таълим олган мактабларга китоб улашишаётгани ўсиб келаётган келажак авлодни китобга бўлган қизиқиши, меҳри ва интилишини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Зеро, бу эзгу ташаббус улуғ боболаримизга муносиб бўлган авлодни вояга етказишда муҳим роль ўйнайди.
Ҳусан Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори
16.04.2019