Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар Термизда сайёр учрашувлар ўтказишди
2727
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов бошчилигидаги масъул божхоначилар Термиз шаҳри бўйлаб турли корхоналарда сайёр учрашувлар ўтказишди.
Божхоначилар Термизда сайёр учрашувлар ўтказишди

Бунда асосий эътибор, хорижий инвестициялар иштирокида фаолият юритаётган корхоналарга қаратилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни бевосита жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Дастлабки учрашув “Амударё текстиль” қўшма корхонасида бўлди. Айни пайтда банкдан олинган 23 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган мазкур корхонада келгусида 600 иш ўрни яратилади. Туркия, Швейцария ва Япониядан келтириладиган замонавий технологиялар асосида бу ерда ип-калава ишлаб чиқарилиш кўзда тутилмоқда.

Корхона ижрочи директори У.Эргашевнинг таъкидлашича,  яқин 25 кун ичида ишга тушиши режалаштирилаётган корхонада йилига 7900 тонна пахтадан ип калава йигирилиб, Хитой, Туркия ва Россия каби давлатларга экспорт қилиниши кутилмоқда. 

Сайёр учрашув давомида корхона эгаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 29  июндаги ПҚ-3818 -сон қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Қарорга кўра,  2018 йил 1 сентябрдан бошлаб чегара божхона постларида ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам бевосита божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, импорт режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди,  божхона омбори режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида имтиёзлар қўлланилмайди.

Навбатдаги сайёр учрашув темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Термиз таъминот” хусусий корхонасида бўлиб ўтди. Хитойдан келтирилган замонавий технологик ускуналар асосида ушбу корхонада темир-бетон плиталар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Учрашув давомида корхонага четдан келтириладиган технологик жиҳозларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувини текзорлик билан амалга ошириш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Сендвич панеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “Surhon Sandwich” маъсулияти чеклаган жамиятида бўлиб ўтган учрашув ҳам қизғин руҳда кечди. Корхона иш бошқарувчиси О.Омоновнинг қайд этишича, бу ерда ҳар ойда ўртача  1 млрд. сўмлик сендвич панеллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг бир қисми  эса хорижга экспорт қилинади. Жумладан, айни пайтда Тожикистон Республикаси билан қиймати 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги шартнома имзоланган.  

Таъкидлаш жоизки, қизғин суҳбатларга бой тарзда кечган мазкур учрашувларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 21 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш бўйича берилган аниқ вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.  

 Н.Норқобилов

Сурхондарё вилояти

божхона бошқармаси инспектори

19.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг