Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразм вилоятида бўлиб ўтган халқаро инвестиция форумда божхоначилар ҳам фаол қатнашишди
2380
5-6 апрель кунлари Хоразм вилоятида I Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Форум асносида Хоразм воҳаси хорижий инвесторлар учун биринчи марта ўз эшикларини кенг очмоқда дейиш мумкин.
Хоразм вилоятида бўлиб ўтган халқаро  инвестиция форумда божхоначилар ҳам фаол қатнашишди

Ўтказилган инвестиция форумида Хитой, Россия, Франция, Саудия Арабистони, Малайзия, Озарбайжон, Баҳрайн, Туркманистон каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан 100 дан зиёд компания вакиллари иштирок этди. Шунингдек, форумда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари қатнашди.

Хоразм воҳаси ҳақида гапирилганда, биринчи навбатда, унинг бой ва бетакрор тарихи тилга олинади. Вилоят Марказий Осиёнинг энг қадимий минтақаларидан бири бўлиб, 2700 йил олдин ёзилган “Авесто” китоби ва Зардуштийлик динининг ватани Хоразм воҳаси эканлиги – вилоят энг қадимий цивилизация ўчоқларидан бири эканлигининг яққол далили саналади.

Шунингдек, кўплаб давлатларда Хоразм воҳасини 1004 йилда дунёдаги энг қадимий Фанлар Академияларидан бири – “Маъмун” Академияси айнан Хоразмда ташкил қилинганлиги орқали яхши билишади. 

Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хорижий инвесторлар учун имтиёзлар берилаётгани таъкидланди. Иштирокчиларга Хоразм вилоятининг иқтисодий салоҳияти, ички имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Халқаро форум янги лойиҳа таклифлар ҳақида тўлиқ маълумотлар бериш мақсадида 4 та устувор йўналишлар бўйича секцияларга бўлинган ҳолда ишини давом этди. 

Қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш – пахтачилик кластери, замонавий гидропоник иссиқхоналар, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш борасида маҳаллий ҳокимлик, тегишли бошқарма ва ташкилотлар хорижий инвесторлар билан қатор келишувларга эришди.

Қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, ижтимоий соҳа йўналишларида 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳа тақдимоти, ҳудуддаги корхоналар ва кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган турли маҳсулотлар ярмаркаси форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Бўлиб ўтган форумда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этиб, инвесторлар ва меҳмонларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Шунингдек, божхона соҳасида яратилган қулайликлар, имтиёзлар ва янги тартиботлар бўйича рус ва инглиз тилларида тайёрланган буклетлар тарқатилди.  

Хоразм вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

9.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг