Шу боис йирик давлат ва жамоат арбоби, моҳир саркарда таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кенг нишонланиб, улуғ аждодимизга чексиз ҳурмат ва эхтиром кўрсатилади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти бошчилигида бир гуруҳ божхона ходимлари ҳам ул зот таваллуди муносабати билан бугун шаҳардаги сохибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйишди.
Шундан сўнг вилоят божхона бошқармасида шахсий таркиб иштирокида “Амир Темур ва темурийлар даври маънавияти” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси Тохир Махмудов маърузаси билан қатнашиб, Амир Темурнинг давлатчилик сиёсати, “Темур тузуклари” асарида илгари сурилган ғоялар, “Куч – адолатда” тамойилининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.Амир Темурнинг ҳарбий-саркардалик маҳорати тўғрисида маълумотлар берилди.
Амир Темур Самарқандда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар – жомеъ масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Шоҳизинда каби мақбараларни бунёд этди. Самарқандликлар дам олиб хордиқ чиқаришлари учун шаҳар ичида ва атрофида бир-биридан гўзал, баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди. Бу ажойиб боғларнинг дарвозалари кеча-ю кундуз барча учун очиқ эди.
Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандни шу даражада вайрон қилган эдиларки, бу шаҳарни узоқ йиллар қайта тиклашнинг иложи бўлмади. 1370 йил Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Шу тариқа Амир Темур Самарқандни янги шаҳар сифатида қайта барпо қилди.
XIV асрнинг охирларига келиб, Самарқанд шу даражада обод ва гўзал, бой, улуғвор шаҳарга айландики, унинг кўрки олдида Шарқнинг гўзал шаҳарлари – Шероз, Миср, Бағдод, Султония ва Дамашқлар ҳам ўз кўркини йўқотгандек бўлди. Шу туфайли Соҳибқирон Самарқанд атрофидаги бир неча қишлоқларга юқоридаги шаҳарларнинг номини берди. Амир Темур Самарқандни ва самарқандликларни алоҳида меҳр-муҳаббат билан севарди. Шу сабабли бу шаҳарнинг ободончилиги, фаровонлиги йўлида бойлиги ва вақтини аямади, унинг фармонига кўра, самарқандликлар бир неча марта ҳар хил солиқлардан озод этилган.
Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода ҳомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал ранг тасвир, манзарали ранг тасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ғоятда ривожланди. Ўз даврининг энг моҳир меъморлари Самарқандда осмонўпар биноларни қуришиб, Амир Темур давлатининг шон-шуҳрати ва қудратини абадиятга муҳрладилар. XIV–XV асрларда Самарқанд Туроннинг энг улуғ даҳолари учун ижодий лаборатория вазифасини ҳам бажарди. Негаки, бу даврларда юксак ғоялар, тафаккурлар, нодир санъат асарлари Самарқандда туғилар, ривожланар ва амалиётга айланиб, Соҳибқирон давлатининг чекка-чекаларига тарқалар эди. Шу туфайли, Амир Темур яратган қудратли давлатнинг пойтахти бўлган Самарқандда инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодиса, Ренессанс – Уйғониш жараёни бошланди ва ривожланди.
Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия каби давлатларда ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.
Тадбирда маърузадан сўнг божхоначиларнинг Амир Темур ҳаёти ва ҳукмдорлиги билан боғлиқ кўплаб саволларига ёш тарихчи Т.Махмудов аниқ жавоблар бериб ўтди.
9.04.2019