Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортбоп тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришда замонавий дастгоҳларнинг ўрни катта
2005
Бугунги кунда Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналар томонидан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш йўли билан рақобатбардош ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда.
Экспортбоп тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришда замонавий дастгоҳларнинг ўрни катта

Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан вилоятда инвестицион лойиҳалар асосида ташкил этилаётган корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари доимий тарзда амалга оширилмоқда. Бу борада тадбиркорлар билан самарали алоқалар йўлга қўйилган. Хонқа туманида жойлашган “CILASUN TASHKENT” МЧЖ хорижий корхонасида бўлиб ўтган учрашув айнан шу масалага қаратилди.

Корхона йилига 2000 тонна пахта толасини қайта ишлаб, калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Ўтган давр мобайнида корхона томонидан 2,8 миллион АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилган.

Корхонада ишлаб чиқариш, сифатни бошқариш тизимининг ISO 9001:2008 талабларига мувофиқ йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда 70 дан ортиқ ишчи ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми чет давлатларга Россия Федерацияси, Беларуссия ва Польша Республикаларига экспорт қилинмоқда.

Корхонага замонавий ва энергия тежовчи ускуналар ўрнатилиши орқали модернизация қилиш бўйича инвестицион лойиҳаларнинг манзилли дастурига асосан умумий қиймати 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қуввати 1500 тонна калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий ускуналар Германиянинг Трюшлер ва Шляфхорст компанияларидан  келиши бошлади дейди – корхона раҳбари Юсуфжон Садиқов.

Янги лойиҳа амалга оширилиши билан корхонада ишлаб чиқариш қуввати яна икки баробарга ошади. Натижада 50 та янги ишчи ўринлари яратилади. Ушбу дастгоҳларда сифатли ва экспортбоп калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Учрашувда жорий йил 1 мартдан бошлаб хавфни автоматлаштирилган бошқариш тизими томонидан автоматик танлов асосида “қизил” ва “сариқ” йўлаклардан ташқари “кўк” ва “яшил” йўлаклар ишга тушганлиги тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Шунингдек, божхона соҳаси бўйича савол, таклиф ва мулоҳазалар бўлганда, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўлга қўйилган Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

8.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг