Мазкур фермерлар давлат томонидан ажратилган минерал ўғитлардан белгиланган мақсадларда фойдаланиб, ер унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўтариш ўрнига мўмай даромад илинжида уларни пуллашга уринаётгани ачинарли. Ваҳоланки, қонунга зид бу қилмиш минерал ўғитлар олди-сотдиси билан ноқонуний шуғулланувчи “уддабуронлар” жонига “оро” кирмоқда.
Мазкур йўналишдаги қонунбузарликларни фош этишда вилоят божхона бошқармаси томонидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 5 та ҳолатда вазни 40,7 тонна аммиакли селитра минерал ўғитининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Яқинда, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказилди ва тадбир натижасида оғирлиги 7,5 тонна минерал ўғитининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Қашқадарё вилояти “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятини Касби туманидаги филиалининг бирида мудир лавозимида ишлаб келган Қ.Ш. ўзининг жавобгарлиги остида бўлган оғирлиги 7,5 тонна бўлган “сульфат аммоний” минерал ўғитини фаолиятини тугатганига 2 ой бўлган фермер хўжаликларидан бирининг раиси М.А. ва бошқалар билан тил бириктириб, фуқаро И. И. бошқарувидаги “ISUZU” русумли автомашинасига юклаб, сохта ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоятига олиб кетаётганида Чироқчи туманида тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Қ.Ш. ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилигига кўра тергов идораларига юборилди.
7.04.2019