Аэропортдаги “яшил» йўлакдан фойдаланган ҳолда юртимиздан чиқиб кетмоқчи бўлган фуқаро М.М.нинг шубҳали хатти-ҳаракатларини божхоначилар ўз вақтида пайқаб қолишди.
Ўтказилган шахсий кўрик ва тиббий муолажалар натижасида эса ушбу шахс умумий нархи 23 миллион сўмлик, 100 грамм тилла қуйма бўлакларини ютиб олганлиги ва уларни юртимиздан ноқонуний олиб кетмоқчи бўлганлиги ошкор бўлди.
Тошкент халқаро аэропортидаги автотураргоҳда гўёки меҳмонларни кутиб олишга чиққан фуқаро П.А. эса заргарлик маҳсулотларини юртимизга ноқонуний йўллар олиб киришнинг антиқа усулини ўйлаб топди.
У Туркиядан қайтган йўловчилардан олдиндан келишилган тилла буюмларини йиғиб олиб, ўзи бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашинасида жуфтакни ростламоқчи бўлганида, божхоначилар томонидан ўз вақтида тўхтатиб қолинди.
Оғирлиги 689 граммни ташкил этувчи, қиймати 151, 5 миллион сўмлик заргарлик буюмлари эса қонунбузардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
18.07.2018