Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга божхона соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилди
1507
Ўзбекистон Республикаси қандолатчилик ассоциацияси ва Малайзия пальма ёғи консуллиги томонидан Тошкентдаги “Wyndham” меҳмонхонасида “Пальма ёғи ва унинг афзалликлари” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, шунингдек, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари вакиллари ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари иштирок этишди.
Тадбиркорларга божхона соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилди

Тадбирни Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан очиб берар экан, у шу кунга қадар икки давлат ўртасида савдо сотиқ бўйича бир қанча битимлар имзоланганлигини, бундан ҳар икки мамлакат ҳам бирдек манфаатдорлигини айтиб ўтди. Пальма ёғи – бу Малайзия учун миллий маҳсулот ҳисобланишини, кўпчилик учун янгилик бўлсада мазкур маҳсулот Ўзбекистон бозорида ўз ўрнини шиддат билан топаётганини маълум қилди.

Малайзия палма ёғлари ишлаб чиқарувчилар кенгаши (Malaysian Palm Oil Council – MPOC) директори ўринбосари Фадзли Иқбал ҳам элчининг сўзларига қўшилиб, Ўзбекистондаги яратилган шарт-шароитлардан хурсанд эканлигини, пальма ёғини ишлаб чиқариш жараёнини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва унда инновацион технологик ечимларни жалб қилиш ва жорий қилишда Ўзбекистон ҳар томонлама қулай эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, тез орада Ўзбекистонда ҳам Малайзиянинг барча штатларида, АҚШ, Бельгия, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Миср ва Ганада бўлгани каби ваколатхонасини ҳам ташкил қилиш режаси борлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси қандолатчилик ассоциацияси раҳбари Мухтор Умаров сўзга чиқиб, мамлакат истеъмолидаги палма ёғининг катта қисми қандолатпазликда ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётганини, пальма ёғини ички бозорларимизда кўпайтириш, ўз навбатида юртимиз бозорлар пештахталарида қандолат маҳсулотларининг турини кўпайтиришга асос бўлишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Мухторов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган кўрсатмага асосан, тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “кўк”,”сариқ”,“яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказишни жорий этилганини айтиб ўтди. Мазкур йўлаклар ўз навбатида ташқи савдо айланмасининг кўпайишига ва халқаро савдонинг ривожланишига, ташқи иқтисодий фаолиятнинг (ТИФ) ҳалол иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақт сезиларли равишда қисқаришига ва асосийси, ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисига индивидуал баҳо бериш ва уларнинг ҳалоллигига қараб саралашга имкон яратганини маълум қилди.

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигини вакили ҳам ўз маърузасида айни пайтда Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда янги лойиҳалар устида ишланаётганини, пальма ёғи мамлакатимиз талабларига тўла мос келишини маълум қилди.

Тадбир якуни савол жавобларга бой бўлди. Халқаро ташкилотлар ўзларини қизиқтирган саволларига миллий корхона ва ташкилотларнинг мутасадди ходимларидан  жавоблар олишди. Хусусан, Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам тадбиркорларга яратилган қулайлик ва имкониятлар тўғрисида маълумот бердилар.

Жавоҳир Караматов

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори

5.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг