Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқанддан Хитойга 27 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди
2203
Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир.
Самарқанддан Хитойга 27 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Бугун мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Чин ўлкаси мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда.

Хитой бозорида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа товарларга талаб юқори. Шунингдек, Хитойнинг электроника, кимё ва машинасозлик маҳсулотлари юртимизга энг кўп импорт қилинадиган маҳсулотлардан ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этди. Икки давлат фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиб, бу кўрсаткични яқин йиллар ичида 20 миллиард долларга етказишни режалаштирган.

Cамарқанд ҳам Хитой капитали иштирокида 50 та қўшма корхона ва 8 та хорижий корхона ташкил этилган. Улар асосан, қурилиш, машинасозлик, терини қайта ишлаш, тўқимачилик, электротехника, қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Биргина 2018 йилда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 5 та қўшма ва 6 та хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди.

Шунингдек, Хитой ва вилоятимиз ўртасидаги товар айланмаси 261 миллион 527,4 минг долларни, шундан 234 миллион 156,7 минг импорт, 27 миллион 370,7 минг доллар экспортни ташкил этди. 

Бундан ташқари, вилоятимизда Хитойнинг тўғридан-тўғри сармояси асосида қурилиш материаллари, тиббиёт жиҳозлари, махсус техника ишлаб чиқариш, картон ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида 18 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, Хитойнинг "King of  sales Co.Ltd" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган "АзияМеталлПроф" масъулияти чекланган жамиятида йил якунига қадар совуқ формовка ва фалсовка ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Умумий қиймати 46 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа учун хитойлик тадбиркорлар 16,8 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритди.

Шунингдек, тез орада ишбилармонлар ва мутасадди раҳбарлардан иборат вилоятимиз делегациясининг Хитойда ўтказиладиган учрашувида ҳамкорликни янада янги босқичга кўтариш бўйича келишувларга эришиш режалаштирилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш ҳамда вилоятимизда экспорт салоҳиятини ошириш борасида вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан тегишли чора-тадбирларлар ишлаб чиқилган. Бу борада тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

4.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг