Хусусан, 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг эса ҳимоя қилиниши таъминланади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан янги ишга қабул қилинган ёш божхона ходимлари ва уларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳам айнан коррупцияни олдини олишга эътибор қаратилди.
Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов очиб, коррупция жамият равнақи, мамлакат тараққиётига жиддий раҳна соладиган жиноятлардан бири эканлигини таъкидлади.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, – деди Ш.Салихов. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида гапириб ўтадилар.
Маълумки, давлатимиз томонидан божхона органларида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, божхона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам етарлича шарт-шароитлар яратиб берилди. Мақсад битта, у ҳам бўлса ходимларни коррупция иллатига аралашиб қолмаслигини олдини олишдан иборат.
Тадбирда сўзга чиққан Самарқанд вилоят прокуратураси ходими Ш.Маматқулов, вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Н.Сапаров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор бўлими катта инспектори Ж.Ҳайдаров ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси тадбиркорларга кўмаклашиш маркази директори Н.Бердиевлар мавзу юзасидан фикрларини билдириб ўтишди.
Тадбир давомида иштирокчиларга божхона ходимларига хизматни олиб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирилиб, махсус тайёрланган видеофильм намойиш этилди. Шу билан бирга ота-оналарга Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” га куннинг исталган вақтида 24 соат давомида мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Тадбир якунида, фарзандлари келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар ҳам тадбирдан тўғри хулоса қилишиб, сўзга чиқишди. Жумладан, божхона хизмати ходими Раджабов Зафарнинг отаси Раджабов Исом сўзга чиқиб, шундай деди:
– Биз бугунги тадбир орқали давлатимиз томонидан божхона органларига яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Бундан кўнглимиз тўлди. Тадбирда долзарб масала кўтарилди. Жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Касбга хиёнат қилиш керак эмас. Бунинг учун биз ота-оналар ҳам фарзандимизнинг келажагига бефарқ бўлмаслигимиз даркор.
Ҳа, халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.
2.04.2019