Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайёр ташрифлар доирасида тадбиркорлар билан юзма-юз
3228
Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тадбиркорлик субъектларига тўлиқ тушунтириш ва улар фаолиятида юзага келаётган муаммоли масалаларни жойига чиқиб ўрганиш борасида Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Сайёр ташрифлар доирасида тадбиркорлар билан юзма-юз

Бу каби ишларнинг амалий тасдиғи сифатида жорий йилнинг 12 июль куни Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Юсупов Дониёр Таваккалжонович бошчилигидаги масъул ходимлардан иборат ўрганиш гуруҳи бир нечта корхоналарга сайёр ташриф уюштирди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган корхоналарга ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кенгайтириш ҳамда бунга ҳамоҳанг тарзда экспорт салоҳиятини кескин ошириш, шунингдек корхона томонидан амалга оширилаётган товарлар импортини қисқартириш ҳамда хориждан чет эллик инвесторларни жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Мазкур учрашув жараёни расмиятчиликлардан ҳоли равишда конструктив  руҳда олиб борилди, пировард натижада корхона вакилларига реал ҳолат юзасидан ўз муаммоларини очиқ айта олиш имкони туғилди.

Ташрифнинг биринчи қисми “Mingyuan Silu Industry” хорижий корхонаси номи остида фаолият юритаётган ойна ишлаб чиқариш заводидан бошланди.

Мазкур корхона “Жиззах” эркин иқтисодий зона ҳудудининг 30 гектарга тенг қисмида 2016 йилнинг  апрель ойида ташкил этилган бўлиб, суткасига 12 хил турдаги 800 тонна ҳажмдаги тайёр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқарилган товарлар тўлиқ импорт ўрнини босувчи ҳисобланиб, жами тайёр маҳсулотнинг 40% экспорт қилинади. Дастлабки даврда ўз фаолиятини 70 та иш ўрни билан бошлаган корхона бугунги кунга келиб доимий ишчилар сонини 180 тага етказган.

Учрашув тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошланди. Ўрганиш гуруҳини қизиқтирган асосий масалалардан бири корхона томонидан амалга оширилаётган товарлар экспорт ҳажми ҳамда импорт қилинаётган товарлар ассортименти бўлди.

Корхона раҳбарининг таъкидлашича, қўшни Тожикистон давлатига шу кунгача 2,3 млн. АҚШ долларлик, Қирғизистон  давлатига 2,5 млн. АҚШ долларлик ҳар бири 26 тонна ҳажмдаги 8 та вагон ойна маҳсулоти етказиб берилиб, белгиланган буюртма 40%га бажарилган. Корхона учун энг яхши бозор ҳисобланган Қозоғистон бўйича дастлабки экспорт шартномаси тўлиқ ҳажмда бажарилган.

Бугунги кунгача корхонанинг умумий экспорт ҳажми 19,4 минг АҚШ долл.ни ташкил қилмоқда. Экспорт географиясини Озарбайжон, Латвия ҳамда Литва давлатларига кенгайтирган ҳолда йил якунига қадар экспорт ҳажмини 800 минг АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.

Ўрганиш гуруҳи томонидан корхона раҳбарига ўз маҳсулотини экспорт қилишда янгидан-янги бозорлар топиш, корхона томонидан импорт қилинадиган товарлар ичида ойналар орасига қўйилиб, ташиш мақсадларида ишлатиладиган қоғоз хомашёсини ички ҳудуддан сотиб олиш бўйича, шунингдек Япония давлатидан импорт қилинадиган ойна маҳсулоти таркибига ранг бериш мақсадида қўшиладиган бўёқларни бошқа давлатлардан нисбатан арзонроқ нархларда сотиб олиш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳозирда мавжуд асосий муаммолар ҳақида сўралганда, корхона раҳбари экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда божхона соҳасида муаммолар мавжуд эмаслигини, лекин товарларни экспортга юклаш бўйича темир йўл вагонларини сўраш учун бир ҳафта вақт кетаётганлигини, бунга хорижга товар юбориш учун зарур бўладиган вагонларга олинадиган рухсатнома фақат “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТЙК томонидан берилиши билан боғлиқ ички тартиб сабаб бўлаётганлигини маълум қилди.

Ташрифнинг иккинчи қисми “Luxury Furniture Business” МЧЖ номи остида фаолият юритаётган ярим тайёр текстиль маҳсулотлари ҳамда қадоқлаш учун фойдаланиладиган полипропилен қопчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхонада давом этди.

Мазкур енгил саноат корхонаси ўз фаолиятини дастлаб болалар кийимларини тикишдан бошлаган, лекин ишлаб чиқарилган маҳсулот ташқи бозорларда ўз харидорини топа олмагач, корхона ўз фаолиятини ярим тайёр текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ва қадоқлаш учун фойдаланиладиган полиэтилен қопчалар тайёрлашга ўзгартирган.

Ушбу корхонада ҳам асосий урғу экспорт салоҳиятини ошириш, хорижда янги бозорларга кириб бориш, импорт қилинаётган товарлар ҳажмини оптималлаштириш, Ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан унумли ва тўғри фойдаланиш каби масалаларга қаратилди.

2018 йилнинг 1-ярим йили учун белгиланган 230,4 минг АҚШ долл.лик экспорт режасини бажарилмаслик сабаблари сўралганда, корхона раҳбари томонидан ўтган йили Россия Федерациясига экспорт қилинган 400 минг АҚШ долл.лик маҳсулотлар ҳанузгача сотилмай турганлик ҳолати корхонанинг иқтисодий аҳволига жиддий таъсир қилганлиги, шу боис ҳам 1-ярим йилда экспорт қилишнинг уддасидан чиқилмаганлиги, лекин июнь ойида Қозоғистонлик ҳамкорлари билан имзоланган экспорт шартномалари бўйича 60 минг АҚШ долларлик маҳсулот 3-чоракда экспорт қилиниши кутилаётганлиги, шунингдек 4-чоракда Украина ва Қирғизистон давлатларига яна 60 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.

Ўрганиш гуруҳи томонидан хориждан импорт қилинаётган полиэстердан тайёрланган калава ип хомашёсини Самарқандда фаолият юритаётган ип-йигирув фабрикаларидан сотиб олиш таклиф қилинганда, корхона раҳбари томонидан бу масала олдин ҳам кўтарилганлиги, лекин Самарқанддаги ип-йигирув фабрикаларидаги ишлаб чиқариш ҳажми кам бўлганлиги сабабли улар билан ҳамкорлик қила олмасликлари, акс ҳолда хомашё танқислиги туфайли корхона фаолияти тўхтаб қолиши мумкинлиги маълум қилинди.  

Иккала корхонага уюштирилган ташрифлар якунида ўрганиш гуруҳи томонидан корхона маъмуриятига экспорт-импорт операциялари борасида, шунингдек божхона расмийлаштируви жараёнлари билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган ҳар қандай муаммоли масалалар ҳақида Жиззах вилояти божхона бошқармаси раҳбариятини зудлик билан хабардор қилишлари мумкинлиги ва шу асосда муаммоли масалаларни қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича бошқарма раҳбарияти томонидан кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар белгиланиши маълум қилинди.

Жиззах вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг