Куни кеча Бухоро вилоятида фаолият кўрсатувчи экспортёр корхона вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда ҳам айнан экспорт масаласига эътибор қаратилди. Унда тадбиркорларга давлатимиз томонидан халқаро бозорларга маҳсулот етказиб берган ҳолда экспорт салмоғини ошириш мақсадида солиқ ва божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар батафсил тушунтирилди.
Шу билан бир қаторда, божхона ходимлари ўртасида коррупциянинг барча кўринишларига қарши кураш мақсадида мутасаддилар томонидан чиқишлар қилиниб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинлик ва мажбуриятлари асослаб берилди. Шунингдек, божхона ходимининг ваколатлари борасида ҳам кенг тушунтиришлар берилиб, божхона органлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш мақсадида, социологик аноним сўровнома ҳам ўтказилди.
Бўлиб ўтган тадбир давомида, тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид мурожаатлари тингланиши билан бир қаторда, уларга эндиликда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган янги тартиб борасида тушунтиришлар берилди.
Маълумот учун айтиб ўтиш ўринлики, илгарилари жисмоний ва юридик шахслар божхонага оид саволлари билан Давлат божхона қўмитаси ҳамда вилоятлардаги ҳудудий бошқармаларга мурожаат этишлари белгиланган бўлса, эндиликда, улар ўзларига яқин бўлган божхона постига мурожаат этиб, тегишли жавобни олиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Энг муҳими тадбир якунида тадбиркорлар божхона органлари томонидан уларга берилаётган амалий ёрдам ва маслаҳатлар учун миннатдорчилик билдиришиб, ўз фаолиятлари билан яқиндан таништириш мақсадида божхона ходимларини ўз ишлаб чиқариш корхоналарига таклиф этишди.
29.03.2019