Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка берилаётган эътибор шу кунларда янгича мазмун-моҳият касб этмоқда.
Айни шу анъанадан четда қолмаган ҳолда давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар ташкил қилинмоқда.
2019 йил 29 март куни Давлат божхона қўмитаси томонидан бир гуруҳ фаол ёш ходимлар, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари етакчилари иштирокида пойтахтимиздаги 21-Меҳрибонлик уйида “Китоб – менинг дўстимсан” акцияси уюштирилди.
Акция доирасида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ўзбек ва рус тилларидаги турли қомусий, эртак, бадиий ва шеърий адабиётлар туҳфа қилинди.
Тадбир аввалида ёш божхоначилар тарбияланувчилар билан мулоқотга киришишар экан, китобга ошно бўлишнинг қадри, қиймати ҳақида сўз юритишди.
Дарҳақиқат, китоб инсоннинг ички дунёсига нур олиб киради. Китобга меҳр қўйган, у билан дўст тутинган инсоннинг кўнглига хотиржамлик, маънавий оламига эса гўзаллик ошфута бўлади. Зеро, ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди.
Тадбир доирасида турли ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди, бадиий асарлар қаҳрамонлари ҳақида бўлиб ўтган савол-жавобларда зукко тарбияланувчилар ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Китобхонлик кечасига айланиб кетган тадбирда ижодкор божхона ходимлари ва шеър машқ қилаётган ўқувчилар ўз шеърларидан мутолаа қилишди.
Ҳали сиёҳи қуримаган, буёқ ҳиди уфуриб турган янги китобларни ажиб бир иштиёқ билан варақлашга тушган болаларнинг юзу кўзидаги қувонч аслида эзгуликдан нишона. Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Эзгулик кириб борган юракларга ҳеч қачон ёвузлик яқин йўламайди”.
Китобхонлик тарғиботига қаратилган бу каби тадбирлар давлат божхона хизмати органларида давом этмоқда.
29.03.2019