Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология марказида “Дўстлик спартакиадаси” бўлиб ўтди
2502
2019 йил 28 март куни Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Сергели тумани кенгаши билан ҳамкорликда “Дўстлик спартакиадаси” ташкил қилинди.
Миллий кинология марказида “Дўстлик спартакиадаси” бўлиб ўтди

Сергели туманидаги корхона ташкилотлар, ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар етакчилари ўртасида бу йил иккинчи бор ташкил қилинган мазкур мусобақада ёшлар спортнинг минифутбол, турникка тортилиш, шахмат ва шашка турларида ўзаро беллашишди.

Спартакиаданинг тантанали очилиш маросими давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Маросимни кириш сўзи билан очар экан, Миллий кинология маркази директори ўринбосари Ф.Қаҳҳоров мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.  

Дарҳақиқат, юртимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, оммавий спортни тарғиб қилиш ва кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланганидек, давлат божхона хизмати органларида шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган турли спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказилиши анъанавий тус олган.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг мусобақаларни дастлаб минифутбол беллашувлари бошлаб берди.

Бу гал турнирга Миллий кинология маркази терма жамоаси, Сергели туманидаги 22418-ҳарбий қисм хизматчилари жалб этилди.

Қизғин ва муросасиз кечган ўйинларнинг аввалида ҳарбийлар устунликни ўз қўлларига олишди. Биринчи бўлим 2-1 ҳисобида улар фойдасига якунланди. Аммо, иккинчи таймда божхоначилар яққол устунликка эришишди ва тўп назоратини асосан ўз қўлларида ушлаб туришди. Якунда эса бутунлай кутилмаган натижа намоён бўлди. Миллий кинология маркази жамоаси 7-4 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа кубогини қўлга киритди.

Шундан сўнг мусобақа иштирокчилари турникка тортилиш бўйича ўзаро беллашишди. Спортнинг бу тури орқали билаги қувватга тўлган ёшлар нафақат ўз кучини, балки иродасини ҳам синовдан ўтказишди дейишимиз мумкин.

Турникка тортилиш мусобақаларида фахрли 1-ўринни Миллий гвардия вакили, айни пайтда Миллий кинология марказида таҳсил олаётган Отабек Хидиров қўлга киритди.

Куннинг иккинчи ярмида эса ақл гимнастикаси – шахмат, шунингдек шашка ўйинларига старт берилди. Содда қилиб айтганда иштирокчилар ўзларининг юксак интеллектуал салоҳияти, ақлу заковатларини ҳам намоён қилишди.

Қизиқарли кечган шахмат мусобақаларида ғолиблик Сергели туманидаги 22418-ҳарбий қисм сержанти Ғофуржон Эргашевга насиб қилди. Шашка ўйинларида эса Миллий кинология маркази катта инспектори Фозилбек Турдиалиев иштирокчилар ўртасида тенгсиз эканлигини исботлади.

“Дўстлик спартакиадаси” ғолибларини тақдирлаш ва ёпилиш маросими ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Бирин кетин ғолиблар шохсупага таклиф қилинди.

Дастлаб футбол бўйича, кейин эса кетма кет турникка тортилиш, шахмат ва шашка мусобақалари ғолибларига медаллар ва спартакиада Кубоклари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, мусобақани уюштиришда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ташкилотчиларга ҳам эсдалик диплом ва ташаккурномалар берилди.

Спорт – соғлик гарови. Спартакиада эса нафақат ёшларнинг саломатлигига балки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар хизмат олиб бораётган, турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Содда қилиб айтганда, шу куни мусобақа иштирокчилари бир олам таассуротлар билан бирга янги дўстларга ҳам эга бўлишди.

Ҳусан Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

29.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг