Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар очиқ мулоқотда иштирок этишди
2780
Божхона соҳасидаги янгиликларни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказиш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти иштирокида Наманган вилояти телерадиокомпаниясининг “Юзма-юз” теледастури орқали тўғридан-тўғри эфирда очиқ мулоқот ташкил этилди.
Божхоначилар очиқ мулоқотда иштирок этишди

Унда Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи О.Хожиматов, бошқарма бошлиғи ўринбосари И.Жалолов ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шарт-шароитларга, барча давлат идоралари сингари, божхона органларида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини соддалаштириш борасида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусида бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Фуқаролардан студияга келиб тушган саволларга бошқарма раҳбарияти ва таркибий тузилмалар масъул ходимлари томонидан Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда тўлиқ жавоблар беришди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланганлиги, рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олганлиги, эндиликда уларни  1 (бир) календарь ой давомида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкинлиги, шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланганлиги, хусусан эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилиши, аммо мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот давомида бошқарманинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун божхона қонунчилигидаги янгиликлар, ушбу соҳада учраётган салбий ҳодиса ёки жиноятчиликларни, шу жумладан, коррупция ва тамагирликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда мазкур иллатни вужудга келтирувчи омиллар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар бериб,  бошқарманинг “Ишонч телефони”ни телетомашабинлар эътиборига етказилди.

Очиқ мулоқот якунида бошқарма бошлиғи О.Хожиматов бу каби мулоқотлар давомий бўлишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлигини, хар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилишини таъкидлаб ўтди.

Наманган вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг