Унда “Жартепа” чегара божхона пости катта инспектор-суриштирувчиси А.Қурбонов, маҳалла фаоллари, туман ИИБ профилактика инспектори ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Суд мажлисида “Жартепа” чегара божхона постида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари билан боғлиқ 14 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддасига асосан сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.
Дастлаб, судья А.Алимов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда маъмурий ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши ва бу билан фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда энг асосийси жазолаш эмас, тарбиялаш мақсадида мазкур сайёр суд ташкил этилганлиги тўғрисида гапириб ўтди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди ва уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, “Жартепа” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Ж. ўзи бошқарувидаги “ВАЗ-2106” русумли автомашинасининг яширин жойларига ва эгнидаги икки қават қилиб кийиб олган курткасининг чўнтакларига умумий баҳоси 36 млн. сўмдан зиёд турли русумли уяли телефон аппаратлари ва уларнинг аксессуарларини божхона назорати зонасидан яширинча олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилди.
Суд фуқароси М.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22721-моддаси 2-қисми билан ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баровари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, турли русумли уяли телефон аппаратлари ва уларнинг аксессуарлари давлат эгалигига мусодара қилинди.
Сайёр суд якунида яна бир бор барчага чегараларимиз орқали ноқонуний, белгиланган меъёрлардан ортиқча товарларни олиб кириш каби қоидабузарликларни содир этмаслик каби масалалар аҳолига тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, мажлис иштирокчиларига божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
27.03.2019