Давра суҳбати шаклида бўлиб ўтган тадбирда “Яллама” чегара божхона пости бошлиғи М.Ибрагимов, “Яллама” чегара божхона пости Ўз хавфсизлик гуруҳи катта тезкор вакили Э.Утамуратов, бош инспектор-смена бошлиқлари ва барча шахсий таркиб иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Чиноз туманидаги “Имоми Аъзам” жомъе масжиди имом хатиби А.Суннатуллаев Ватанга мухаббат, бурчга садоқат каби тушунчаларга Ислом динидаги муносабат ҳақида атрофлича маъруза қилди. Шунингдек, тадбирда итоатсизлик, таъмагирлик, очкўзлик каби иллатлар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ботил йўллар билан молу дунё орттиришга интилиш ва ҳаром йўлларга юриш охир оқибат шахс таназзулига олиб келади. Давра суҳбатида айни шу ҳақиқатлар ҳаётий мисоллар билан батафсил тушунтириб берилди.
Дарҳақиқат, бугунги кун божхона ходимидан ўзига нисбатан талабчан бўлиш, хизмат ва ижро интизомига қатьий риоя этиш, қасамёдга ва бурчга садоқат билан хизмат қилиш ва тамагирликка қарши курашиш йўналишида жонбозлик кўрсатиши, тадбиркорлар, сайёҳлар ва фуқаролар билан чиройли муомалада бўлишни тақозо этади.
Бунга эришишда эса ходимлар ўртасида соғлом ва ишчанлик муҳитининг аҳамияти беқиёс. Зеро, бу каби давра суҳбатларидан кутилаётган энг катта натижа ҳам аслида шу.
Йиғилиш сўнгида “Яллама” чегара божхона пости шахсий таркиби мавзу доирасида ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.
26.03.2019