Жумладан, фуқаро Ш.С.нинг хатти-ҳаракатлари ходимлар эътиборини тортди. Натижада, ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилар экан, хуфиёна тарзда ўзи кийиб юрган оёқ кийими ичига целлофан пакетга ўралган, оғирлиги 140,15 граммни ташкил этувчи 1,6 миллион сўмлик 48 дона заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринганлиги аниқланди.
Худди шунингдек, фуқаро Д.М. эса заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишнинг янги усулини ўйлаб топганлиги божхоначилар томонидан фош этилди. Ушбу шахснинг қўл сумкаси божхона назоратидан ўтказилганида, сумка ичидаги аёллар гигиеник воситаси пакети ичига қора матога ўраб солинган, божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 807 минг сўмлик, 67,25 грамм бўлган 30 дона заргарлик буюмларини яширганлиги фош қилинди.
Фуқаро Д.М. ҳам заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишнинг антиқа усулини қўллаб кўрди. Яъни у ўзи кийиб юрган аёллар костюми остида чап ва ўнг қўлларига тақилган ҳамда ушбу костюм чўнтагига яширилган умумий қиймати 583 минг сўмлик, 48,5 грамм заргарлик буюмларини яширишга бўлган уринишлари наф бермади.
Шу каби яна бир ҳолат фуқаро Н.Г. томонидан содир этилди. Ушбу шахс ҳам холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилар экан, унинг соч турмаги ичидан 69 грамм бўлган 828 минг сўмлик аёллар тақинчоқларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатмай, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмадан яширинча олиб кираётгани фош этилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
26.03.2019