Ўтган 2018 йилнинг март ойида ушбу божхона масканидан ўртача 100-150 атрофида йўловчилар қатнови амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур кўрсаткич 600-700 нафарни ташкил этаяпти. Бу ердан ҳаракатланаётган йўловчиларнинг айримлари мамлакатимизда ўрнатилган божхона тартиботлари билан таниш бўлса-да, бироқ уларнинг орасида юртимиз божхона қоидаларига оид саволлар билан мурожаат қилаётганларини ҳам учратиш мумкин. Шу боис бу ерда ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари профилактик суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда.
Бу гал мазкур божхона маскани ходимлари “Одам савдоси жиноятидан огоҳ бўлинг!” мавзусида профилактик суҳбатлар ташкил этиб, фуқароларга ушбу мавзуда тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, фуқароларимиз чет элларда шубҳали таклифлардан огоҳ бўлишлари, таниш-билишларнинг даъватига ишониб, кафолатланмаган йўллар билан четга чиқмасликларини маслаҳат бердилар. Суҳбатлар давомида йўловчиларга одам савдосига оид жиноятларга қарши курашишда тегишли ташкилотлар манзиллари кўрсатилган ҳамда “Ишонч телефонлари” рўйхати берилган кўргазмали буклетлар тарқатилди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда ўрнатилган тартиблар асосида товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда уларнинг белгиланган меъёрлари, меъёридан ортиқча олиб кирилаётган товарлар учун эса ундириладиган божхона бож ва тўловлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Бу каби тушунтириш-тарғибот ишларининг мунтазам ўтказилиши божхона қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга, асосийси фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига хизмат қилади.
Гавҳар Махмудхонова,
божхона хизмати капитани
25.03.2019