Ҳар йили ўз томорқасида машаққатли меҳнат қилиб мўл кўл ҳосил олаётган юртдошларимиз орамизда кўпчиликни ташкил қилаётганлиги айниқса, қувонарлидир. Шу каби инсонлар ичида воҳадошимиз, Ангор тумани "Баҳор" МФЙ Қ.Тулаков маҳалласида истиқомат қилувчи Сафаров Равшан акадир. Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари билан бўлган суҳбатда, Равшан ака жорий йилда томорқасидан 12-15 тонна карам маҳсулоти чиқишини ва тахминан 40 миллион сўм миқдорида даромад олишни режалаштираётганлигини таъкидлар экан, бунга қиш бўйи тинимсиз меҳнат қилганлигини қўшимча қилиб ўтди. Карамнинг эрта пишар "эмиле" навини эккан Равшан ака ҳар бир кўчатга ўртача 1000 сўм атрофида харажат сарф этганини, ҳар бир кўчатдан эса 1,2 - 1,5 килограмм карам чиқаётганлигини маълум қилди. Асосийси, ушбу маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилинаётганлиги деҳқонларга қўл келмоқда. Равшан ака етиштираётган карам маҳсулотини томорқасининг ўзида ортиқча оворагарчиликларсиз сотаётганлигидан ҳурсандлигини яшириб ўтирмади.
Фуқарога қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби, яратилган имкониятлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 163-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишнинг янгиланган тартибига кўра, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфининг белгилари аниқланмаган ҳолатларда, мева-сабзавот маҳсулотларининг божхона расмийлаштирувини экспорт қилувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида божхона кўригидан озод қилинганлиги, расмийлаштирув 24 соат туну-кун амалга оширилаётганлиги ва бошқа тартиботлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Қолаверса, бошқарма ходимлари томонидан фуқароларга, божхона соҳасига оид муаммо ва таклифлар мавжуд бўлганда ҳар қандай вақтда тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилиб, жисмоний ва юридик шахслар учун Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли ишонч телефони айтиб ўтилди
25.03.2019