Яқинда мазкур гуруҳ Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “Qarshi leather” (Ўзбекистон-Исроил-Хитой) қўшма корхонасига бориб, божхона соҳасида тушунтириш ишларини амалга оширди.
Ҳозирда қайта ишланган тери маҳсулотини экспортга чиқараётган корхона келгусида ўз фаолиятини янада кенгайтирмоқчи. Жорий йилнинг иккинчи чорагида якунига етадиган учинчи босқичда қиймати 3 миллион АҚШ долларилик хорижий инвестиция ҳамда корхона маблағи ҳисобидан қайта ишланган теридан тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик жиҳозлар олиб келиб ўрнатилади.
– Европадан келтириладиган мазкур технологик жиҳозлар ишга туширилиши билан қўшимча 100 нафар ёшлар иш билан бандлиги таъминланади, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Панжиев. – Корхонада шунингдек, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоят экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Гуруҳ томонидан ўтказилган учрашувда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, тадбиркорларга божхона имтиёзлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида маҳаллий хомашё маҳсулотлари қайта ишланади ва импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоб сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Асосийси, ҳудуд аҳолиси доимий иш билан бандлиги таъминланади.
25.03.2019