Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Эгри йўлни танлаган ҳуқуқбузарлар қонун олдида жавоб беради
2140
Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли, айниқса, вояга етмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот-тушунтириш ишлари кучайтирилаётир.
Эгри йўлни танлаган ҳуқуқбузарлар қонун олдида жавоб беради

Бундай тарғибот-тушунтириш ишлари самараси ўлароқ, эгри йўллар билан мамлакатимиз ҳудудига сифатсиз маҳсулотларини олиб кирилаётган яширин йўллар аниқланиб, сифати кафолатланмаган маҳсулотларининг юртимизга кириб келиши, шунингдек, юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликларга чек қуйилмоқда.

Куни кеча вилоят божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Фарғона туманидаги “Миндонобод-Фарғона” йўналишида тезкор тадбир ўтказилди. 

Тадбирда, Фарғона туманининг “Миндонобод-Фарғона” йўналишида ҳаракатланиб келаётган фуқаро Ж.А. бошқарувида бўлган, “Матиз” русумли автомашина Фарғона шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Кўздан кечириш чоғида автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, ноқонуний йўллар билан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган истеъмол сифати кафолатланмаган, ҳар бири 5 литр хажмли целофан пакетга қадоқланган, 30 дона “ПИР” номли  ароқ маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Минг афсуски, соғликка жиддий путур етказиши мумкин бўлган, инсоннинг азиз умрига хавф солувчи алкоголь маҳсулотларини зарар эканлигини била туриб, айрим кимсалар мўмай пул дардида мамлакатимизга олиб кириб, ўз ҳамюртларига яроқсиз маҳсулотни раво кўришдан тап тортмаяптилар. Бошқаларнинг ҳаёти хавф остида қолиши, уларнинг бошига не ташвишларни солиши уларни заррача қизиқтирмаяпти. Тўғрироғи, буни билсаларда  пулни, нафсни, деб шундай ишга қўл уришдан ўзларини тия олмаяптилар.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Албатта, айбдорлар тегишли жазосини олади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Шу ўринда Фарғона вилояти божхона бошқармаси бу каби божхона қоидабузарликлари аниқлашда яқиндан ҳамкорлик қилаётган юртдошларимизга миннатдорчилик билдиради ҳамда барча юрдошларимизни  ҳушёрлик ва огоҳликка чақиради.

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг (0373) 244-67-31 - “Ишонч телефони” рақамларига мурожаат қилган шахслар тўғрисидаги маълумот сир сақланиши кафолатланади.

 Ш.Мирзаев,

Фарғона вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг