Шундан келиб чиққан ҳолда, экспорт салмоғини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, божхона органлари ҳам экспортёрлар билан бевосита учрашувлар, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиб келади. Натижада мазкур йўналишни ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар ўз самарасини бермоқда. Биргина Бухоро вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2017 йилда вилоятда экспорт билан шуғулланувчи корхоналар сони 130 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсатгичлар 171 тани ташкил этди. Бу ҳам бўлса, соҳа ривожига тегишли ташкилотлар, айниқса, божхона ва солиқ органларининг олиб борган тинимсиз саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Куни кеча Бухоро вилояти божхона бошқармаси мутасаддилари иштирокида экспортёр корхоналарга яна бир сайёр ташриф амалга оширилди.
Дастлабки манзил Ғиждувон туманида фаолият кўрсатувчи МЧЖ шаклидаги “Парвоз Хумо Равнақ транс” хорижий қўшма корхонаси бўлди. Ташриф давомида божхона ходимлари корхона фаолияти билан яқиндан танишишди. Шунингдек, божхона органлари томонидан тадбиркорларга экспорт қилиш масалаларида тақдим этилаётган енгилликлар борасида маълумотлар тақдим этиб борилди.
Шу ўрнида айтиб ўтиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг сўнгги йилларда тадбиркорлик ривожи йўлида қабул қилаётган Қарор ва Фармонлари бесамар кетмаяпти.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сон Фармони ва 2018 йил 11 сентябрь кунидаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-3939-сонли Қарори асосида тадбиркорлар фаолияти янада ривожланди.
Шу куни бўлиб ўтган тадбирда ҳам юқорида келтириб ўтилган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида тадбиркорларга кенг тушунтиришлар бериб борилди.
Ташриф сўнггида, тадбиркорларга экспорт-импорт масалаларида яқиндан кўмаклашиш ҳамда муаммоларини қисқа муддатларда ҳал қилиш мақсадида “telegram” ижтимоий тармоғида “Экспортга амалий ёрдам” ва Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Бухоро тадбиркорлари” номли расмий каналлари фаолият кўрсатаётганлиги айтиб ўтилди.
25.03.2019