Бир қарашда ноодатий усул, лекин аминмизки самарали. Чунки инсон қайси соҳада меҳнат қилмасин, оила ва фарзандлар муқаддасдир. Тадбирда иштирок этган болажонлар учун дастлаб божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, шунингдек уларнинг ота-оналарининг масъулиятли меҳнати, юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш орқали олди олинаётган ҳуқуқбузарликларни ўзида акс эттирувчи “Божхона тизими” хақидаги видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Эркин Райхонов ходимлар билан суҳбат олиб бориб, коррупциянинг оқибати нақадар салбий эканлигини, ходимларнинг хизмат олиб боришларида унинг замирига тушиб қолишларини олдини олишда, энг аввало мана шу жойга йиғилган фарзандларини кўз олдиларига келтиришлари лозимлигини, уларнинг келажакка бўлган юксак ишончини сўндирмасликлари, синфдош, курсдош дўстлари орасидан ажралиб қолмасликлари учун ҳалол хизмат қилиш ғоят муҳим омил эканлиги тушунтирди.
Шунингдек, ходимларга фарзанд тарбиясида унинг болалик чоғидан тўғри тарбия бериш, уларга турли юмушларни тама эвазига бажаришларига йўл қўймаслик, қўштирноқ ичидаги “осон даромад” илинжида боқимандаликка, меҳнатдан бўйин товлашга, меҳнатни ўзига ёт билишига йўл қўймаслик, аксинча, ҳар томонлама теран фикрловчи, юрт равнақи йўлида керак бўлса жонини фидо қилувчи баркамол авлод қилиб вояга етказиш каби фикрлар илгари сурилди.
Тадбир якунида болажонлар билан уларнинг интеллектуал салоҳиятларини, билимларини синаш мақсадида савол-жавоб ўйинлари ўтказилди. Якунда берилган саволларга тезкорлик, зукколик билан жавоб берган болажонларга келгусида билимларини янада оширишда фойдаланишлари учун китоблар совға қилинди.
Ф.Каримов
Андижон вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.03.2019