Шу боис бугун, тинчлик ҳукмронлик қилаётган юртимиз бўйлаб, бугунги ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса халқимизнинг руҳиятини янада кўтариб, эртанги кунга бўлган ишончини, шу юрт фарзанди эканлигидан фахрланиш туйғуларини янада кучайтириши шубҳасиз.
Кириб келаётган Наврўз айёми бетакрор файзу тароват тақдим этади. Шу аснода ёши улуғлар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг ижтимоий маиший турмушини янада яхшилаш борасида қатор амалий тадбирлар бажарилмоқда. Уларга меҳр-мурувват, катта ҳурмат кўрсатилади. Айниқса, ёлғиз қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, улар моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватланади.
Яхшилик ва хайр-саховат айёмида Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам эзгу ишга қўл уришди. Даставвал, барча божхона постларида божхона ходимлари томонидан хайрия ҳашарлари уюштирилиб ободонлаштирилди, бу эса ватанимиз остонасидан кириб келаётган фуқароларда кўтаринки баҳорий кайфият уйғотади, шунингдек ёши улуғ божхона фахрийлари ва ногирон болалар уйларида тарбияланувчи болаларнинг холидан хабар олинди уларга меҳр-мурувват ижтимоий маиший кўмак берилди. Улар ҳамиша диққат марказида эканликлари таъкидлаб ўтилди.
Тинч ва осойишта юртга байрам, тўй ва тантаналар ярашади. Бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари авваламбор халқимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва юрт фаровонлигига қаратилгандир.
Яна бир бор Сизларни Фарғона вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби номидан Наврўз айём билан муборакбод этиб, барчаларингизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, муқаддас Ватанимизни янада ривожлантириш йўлидаги ишларингизда улкан зафарлар тилайман! Байрамингиз қутлуғ бўлсин!
20.03.2019