Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наврўз шукуҳи дилларда мангу бўлсин!
1947
Наврўз – янгиланиш, покланиш айёми. Азалдан халқимизнинг улуғ удуми.
Наврўз шукуҳи дилларда мангу бўлсин!

Қадриятларимиз ифодаси. Катта-ю кичикнинг шодлик байрами. Истиқлолимиз шарофати билан Наврўз янгича мазмун, янгича шакл кашф этди. Умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Барча жойлардаги каби кўҳна кент – азим Самарқандда фасли навбаҳорнинг шукуҳли ва тароватли, эзгу ният ва боқий қадриятларни ўзида жо этган Наврўзи олам кенг нишонланмоқда.

Байрам нафаси шаҳардаги боғу хиёбонлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, қўйингки, барча масканларда кезиб юрипти.

Наврўз байрами шукуҳи ва таровати Самарқанд вилоят божхона бошқармаси жамоаси иштирокида ҳам ўзгача руҳда нишонланди.

– Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, миллий байрамдир, – дейди Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов. – Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири бўлиб, бир неча минг йиллардан бери ўзбекнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятидир. У минг йилларки Шарқ халқларининг инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларини намоён этган ҳолда нишонланади.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган байрам тадбирида соҳа фахрийлари ҳам сўзга чиқиб, барча шахсий таркибни Наврўз байрами билан қутлашди.

Шундан сўнг божхона органларида кўп йиллар хизмат қилиб, нафақага чиққан божхона хизмати подполковниги Б.Сувоновга тўн кийдирилди ҳамда катта тажрибага эга бўлган устознинг маслаҳатлари тингланди.

Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам азиз ҳамкасбларимизга баҳор байрами Наврўзи олам муборак бўлсин деймиз. Ахир Наврўз – янги режалар, мақсадларнинг қарор топиши. Наврўз шукуҳи доимо дилларда мангу бўлсин!

20.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг