Айтиш керак, экспорт - бу мамлакат иқтисодиётининг қон-томири, эртанги кунга қўйилган пойдевор, тараққиёт демакдир. У мамлакатимизни жаҳон бозорига олиб чиқиб, ўзбек брендини дунёга танитади. Эндиликда ташқаридан тайёр маҳсулотни эмас, балки республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ва бутловчи қисмларни арзон нархларда олиб келиб, қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни ташқи бозорга экспорт қилишимиз ва импортни оптималлаштириш натижасида экспорт ҳажмини янада оширишимиз лозим. “Jizzax textile” МЧЖда ташкил этилган учрашувда божхона ходимлари томонидан мана шу асосий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бугунги кунда божхона органлари томонидан экспорт жараёнини имкон қадар тез ва самарали амалга ошириш учун сифатли хизмат йўлга қўйилганлиги, ҳеч қандай муаммоларсиз, қонуний йўл билан тадбиркорлар масалалари ҳал этилаётганлиги, бу борада эса тизимда режали дастурлар ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Маълумот тарзида айтадиган бўлсак, 900 кишилик иш ўрнига эга “Jizzax textile” МЧЖда бир йилда 12 минг тонна калава ип ишлаб чиқарилиб, ички бозорларга тарқатилиш билан бирга четга ҳам экспорт қилинади. Корхонанинг экспорт салоҳияти ўтган 2018 йилда 3 миллион 980 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич икки баробарга оширилиши режалаштирилмоқда. Қолаверса, ўтган йили корхонанинг импорт ҳажми ҳам 13 миллион 200 минг долларни ташкил этган. Божхоначилар томонидан олиб борилган тушунтириш ва ҳамкорликдаги ишлар, ҳамда импортнинг оптималлаштиришнинг натижасида жорий йилда бу кўрсаткич сезиларли даражада камайганини кузатиш мумкин.
Экспорт! Унинг замирида мамлакат иқтисодиёти, халқимиз турмуш фаровонлигининг кафолати ётибди. Агарда экспорт тобора ривожлантирилиб, импорт ҳажми оптималлаштирилса биринчи навбатда, ички бозор эҳтиёжи тўла қопланади. Қолаверса, жаҳон бозорида ўзбек бренди остидаги экспортбоп маҳсулотлар ҳажми ортади, валюта тушуми кўпаяди, ўзбек иқтисодиёти эса янада барқарорлашиб бораверади!
20.03.2019