Азотли минерал ўғитлар кимёвий усуллар билан тайёрланиб, уларни сақлаш ва фойдаланиш жараёни маълум шароит ҳамда тартиб-қоидаларга риоя қилинмаслиги нафақат экинларга, балки инсон саломатлигига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан минерал ўғитларнинг ноқонуний сақлаш ва савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Хусусан, куни кеча Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари билан ҳамкорликда Қумқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида, мазкур туманда ҳаракатланиб келаётган Ш.Т. исмли шахснинг бошқарувида бўлган трактор тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, трактор тиркамасига юкланган жами 33 қопда “Амиакли селитра” минерал ўғитларини трактор ҳайдовчиси фуқаро Ш.Т. фуқаро А.Ш.дан ҳар бир қопини 95 000 сўмдан сотиб олиб ўз мақсадлари учун фойдаланиш мақсадида олиб кетаётганлигини маълум қилган. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари томонидан фуқаро А.Ш.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, фуқаронинг уйидан ҳар бири 50 килограммдан жами 174 қопда “Амиакли селитра” минерал ўғитларини сотиш мақсадида ноқонуний равишда сақлаб келаётганлиги фош этилди.
Натижада, ушбу иккала қонунбузардан 10 тоннадан ортиқ “Амиакли селитра” минерал ўғитлари далилий ашё сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
18.03.2019