Баҳорий куйлар садоси остида бошланган тадбирни Божхона институти бошлиғи очар экан, институт ўқитувчи ва ўқувчиларини айём билан қутлади ҳамда наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, бугун азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланганига алоҳида тўхталди.
Дарҳақиқат, тинч ва осойишта юртга байрам, тўй ва тантаналар ярашади. Бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари авваламбор халқимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва юрт фаровонлигига қаратилган.
Тадбирда байрам муносабати билан турли саҳна кўринишлари саҳналаштирилиб, курсантлардан шеър ва ажойиб байрам табриклари тингланди. Боз устига таклиф этилган эл суйган хонандаю созандалар тадбирдаги кўтаринки кайфиятни янада яхшилади, куйлар шўх тароналарга уланиб кетди. Айтилаётган қўшиқларга мос ижро этилган миллий рақслар даврага ўзгача файз олиб кирди. Қисқача қилиб айтганда, Божхона институти бу йил баҳорни ўзгача қаршилади.
18.03.2019