Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан ташкиллаштирилган ушбу Форумнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши, 96038-ҳарбий қисм командири ўринбосари иштирок этиб, форум иштирокчиларини қизғин табриклашди.
Форум дастури доирасида “Сержантлар зиммасига юклатилган мажбурият ва келгусидаги вазифалар” мавзусида маърузалар ҳамда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тайёрланган видеороликлар билан қатнашишди.
Форумда “Китоб ярмаркаси” ҳам ташкил қилинди. Ярмаркада ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир асарлари, болалар адабиёти ва турли жанрларда чоп этилган китоблар ўрин олди.
Форумнинг иккинчи кунида Миллий гвардиянинг 82885-ҳарбий қисм ўқув майдонида ташкил этилган ўндан ортиқ ўқув жойларида кўргазмали амалий ўқув машғулотлари ҳам ўтказилди. Тактик гуруҳ ўқув машғулоти давомида шартли душман томонидан жойлаштирилган қуролларни аниқлаш ва йўқ қилиш, террорчилар гуруҳи томонидан қўлга олинган кўп қаватли уйлар аҳолисини қутқариш машқларини ўтказди.
Ушбу форум бизни яна бир бор огоҳлик ва ҳушёрликка чорлади. Бир сўз билан айтганда сержантлар форуми – сермазмун сабоқ дейиш мумкин. Биз – иштирокчилар ҳам ўз билим, маҳоратимизни ва жанговар тайёргарлигимизни ошириб боришга ваъда бердик – дейди божхона хизмати сержанти Мансур Қурязов.
Шундан сўнг, сержантлар Хива шаҳрида жойлашган тарихий обидаларни зиёрат қилдилар. Форум сўнгида иштирокчилар эътиборига Огоҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театрида “Гумроҳ” спектакли намойиш қилинди.
Сержантлар форуми тадбирларини сифатли ташкиллаштириш ва юқори савияда ўтказишда кўрсатган амалий ҳамкорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Хоразм вилояти бўйича бошқармаси жамоасига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси жамоаси номидан чуқур миннатдорлик билдирилиб, “Ташаккурнома” ва “Фахрий ёрлиқлар” билан тақдирланишди.
14.03.2019