Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона имтиёзларидан ноқонуний фойдаланиш фош этилди
2087
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзоси ҳисобланувчи тўқимачилик саноати корхоналари  2021 йил 1 январга қадар бўлган муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган.

Ушбу имтиёзлар республикамизда кенг турдаги сифатли тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, унинг ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Аммо, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам борки, улар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имконият ва имтиёзларни суистеъмол қилишга уринишмоқда.

  Яқинда Давлат божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Kids Tex” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларининг қинғир ишларига чек қўйилди.

Гап шундаки, ушбу МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар корхона уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ноқонуний йўллар билан мулкий манфаат кўриш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, гўёки жамият ҳисобида 24  дона турли русумдаги тикув дастгоҳлари мавжудлиги, ишлаб чиқариш цехида эса 20 та ишчи-ходимлар фаолият кўрсатаётганлиги, йилига 9 минг дона дастурхон текстиль маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганлиги ҳақидаги сохта маълумотлар кўрсатилган бизнес режани «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига тақдим этиб, уюшма аъзолигига қабул қилинган.

Корхона мансабдор шахслари ўтган 2018 йил давомида умумий қиймати 1 миллиард 602 миллион сўмдан ортиқ ҳар хил турдаги матоларни мамлакатимизга имтиёз асосида олиб келган бўлса-да, ушбу матолардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ўрнига уларни нақд пулга сотиб юборган.

Ачинарлиси шундаки, текширув давомида сохта маълумотлар асосида иш бошлаган ушбу корхона ҳисобида ишлаб чиқариш ускуналари ҳам, ишчи ходимлари ҳам мавжуд эмаслиги ошкор бўлди.

Ушбу МЧЖ мансабдор шахсларининг  божхона имтиёзларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишлари оқибатида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари фош этилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган 2018 йил давомида божхона органлари томонидан 207 та хўжалик юритувчи субъектларнинг жами 185,1 миллиард сўмлик божхона тўловларидан берилган имтиёзларни суистеъмол қилганликлари билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Таъкидлаш жоизки, божхона органлари томонидан нафақат бу каби қонунбузарлик ҳолатларини фош этиш, балки ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан тўлиқ ишга туширилган хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизимининг афзаллиги шундаки, эндиликда божхона қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаган, божхона тўловларини ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ тўлаб келаётган тадбиркорларнинг божхона юк декларациялари тизим томонидан автоматик тарзда “яшил йўлак”ка йўналтирилади. Бу эса уларнинг  вақти ва молиявий харажатларини тежалишига хизмат қилади.

Шундай экан,  бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш мақсадга  мувофиқ. Зеро, қонунга итоаткор тадбиркор давлат ҳимоясидадир.

14.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг