Ҳудудда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, юқори ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар кўп. Ҳозирги кунда ушбу корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан четдан инвестиция маблағларини жалб этган ҳолда ўз фаолиятларини янада кенгайтираётганликлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда мана шундай корхоналардан бири саналган “Biss Electronics System” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, четдан инвестиция маблағларини жалб этган ҳолда қўшма корхона ташкил этди.
Шундан келиб чиқиб, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасига йўллаган мурожаатда, мамлакатимизда чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналарга қўлланиладиган божхона имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот беришни сўраган.
Мазкур мурожаат бўйича бошқарма раҳбарияти ҳамда Божхона тўловлари бўлими бошлиғи Фарҳод Мирзаев “Biss Electronics System” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонага бориб, корхона раҳбарларига устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган мол-мулкка божхона имтиёзи қўлланилиши бўйича батафсил тушунтиришлар берди.
Айтиш жоизки, мазкур қўшма корхонада бугунги кунда замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 25 минг дона телевизор ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада маҳсулотларини экспортга йўналтиришни ҳам режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона томонидан 1000 донадан зиёд телевизорлар ишлаб чиқарилган. Айрим эҳтиёт қисмларни эса ишлаб чиқариш жараёнида хориждан харид қилган. Божхона ходимлари корхона мутасадди вакилларига эҳтиёт қисмларнинг баъзи бир турларини республикамизда ишлаб чиқарилаётгани ва арзон нархда сотиб олишлари мумкинлиги ҳамда экспортга чиқариш тартиб-таомиллари ҳақида ҳам тўлиқ маълумотлар бериб ўтишди.
Корхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа вакилларидан батафсил жавоблар олишди.
13.03.2019