Шу ўринда, 2019 йилги “Умра” сафарига Хоразм вилоятидан кетаётган юртдошларимизга “Умра” зиёратини амалга ошириш тартиби, халқаро аэропортларда ҳаракатланиш қоидаларини тушунтириш мақсадида Урганч шаҳридаги Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида тадбир ўтказилди.
Тадбирда Вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлари билан алоқалар бўйича ўринбосари Махмуджон Умурзаков, вилоят бош имом-хатиби Хайрулло Абдуллаев ва вилоят божхона бошқармаси ҳамда “Урганч” халқаро аэропорти ходимлари иштирок этишди.
“Умра” сафари иштирокчиларига божхона чегараси орқали ҳаракатланиш қоидалари, халқаро аэропортларда ташкил этилган “яшил” ва “қизил” йўлакли тизимни қулайликлари, товарларни олиб ўтиш, божхона тўловларисиз товарларни олиб кириш меъёрлари, нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартиблари ва республика худудига олиб кириш тақиқланган материаллар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Маълумот сифатида, 2019 йилги “Умра” сафарига Хоразм вилоятидан 585 нафар юртдошларимиз кетмоқда.
– Вилоятда йилдан-йилга “Ҳаж” ва “Умра” зиёратига борувчилар сони ортиб бормоқда, – дейди вилоят бош имом-хатиби Хайрулло Абдуллаев. – Бу жараёнда номзодларнинг “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини адо этиши учун моддий ва жисмонан қодирлиги, амалларни тўлиқ бажариши учун етарли диний билими мавжудлигига эътибор қаратилгани ҳам айни муддао бўлди. Одоб-ахлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги маънавий муҳит барқарорлиги, адашган инсонларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга кўмаклашишдаги ўрни каби масалалар ўрганилди. Хуллас, номзодларни саралаб олишда ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига қатъий амал қилингани “Ҳаж” ва “Умра” зиёратини кўнглига тугган мўмин-мусулмонларнинг динимиздаги бу фарз амалларни эмин-эркин адо этишида муҳим ўрин тутади.
Шундан сўнг, зиёратчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоблар берилиб, зиёратчилар учун божхона ходимлари томонидан тайёрланган эслатмалар тарқатилди.
11.03.2019