Дунёда ривожланиш ватараққиёт йўлини танлаган ҳар бир давлат энг аввало коррупция, тамагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда, бундай жирканч иллатларнинг томир отишига йўл берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.
Шу сабабли ҳам бугунги тараққийлашиб бораётган замонимизда унга қарши кескин курашиш тобора авж олиб бормоқда.
Бу борада, Хоразм вилояти божхона бошқармасида хизмат қилиб келаётган ходимлар иштирокида “Коррупция-тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур” мавзусида семинар ўтказилди. Унда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг депутатлари маъруза қилишиб, дунё ҳамжамияти томонидан коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.
Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”, “коррупцияга қарши курашиш”, “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчаларнинг аниқ ва тўлиқ баён этилгани таъкидланди. Бу тушунчаларни ҳар бир фуқаро билиши учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муносабатини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жиноятни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда вилоят божхона бошқармаси масъул ходими ҳам божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
9.03.2019