Аммо мазкур тартибларга амал қилмай божхона расмийлаштирувига қалбакилаштирилган ҳужжатларни тақдим этиш, товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодларини ўзгартириш ёки ундирилиши лозим бўлган тўловларни кўрсатмасликка бўлган уринишлар учраб турибди.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай қоидабузарликларни фош этишди.
Жумладан, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари декларацияловчи шахс Х.Р. томонидан хориждан пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамият номига келган 11,26 тонна вазндаги “Электродизелли кўтарма кран” товарининг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодини тўлов ставкаси паст бўлган ТИФ ТН кодига ўзгартириб, божхона расмийлаштирувига тақдим этмоқчи бўлганлиги маълум бўлди. Товарнинг ТИФ ТН кодини нотўғри таснифлаш орқали давлат бюджетига 152,7 миллион сўм божхона тўловлари ундирилмай қолишининг олди олинди.
Шунингдек, декларацияловчи шахс Ш.С. хориждан пойтахтимизда фаолият юритувчи корхона номига келган "SOLAR225LC-7" русумли “гидравлик гусеницалик экскаватор”ни “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш учун божхона юк декларациясини тўлдириб, тегишли ҳужжатлар билан “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимларига тақдим этган. Божхона юк декларациясини расмийлаштируви давомида “2018 йилда ишлаб чиқарилган” деб кўрсатилган ушбу экскаватор ҳолат жиҳатидан эскилиги, товарнинг ўзида ишлаб чикарилган йили кўрсатилмаганлиги божхона ходимларида шубҳа уйғотиб, қўшимча ўрганилганда мазкур экскаваторларни ишлаб чиқариш 2013 йилда тўхтатилганлиги маълум бўлди. Бунинг натижасида эса 275,3 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ундирилди.
Яна бир ҳолатда эса “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари декларацияловчи шахс Т.Д. томонидан хориждан пойтахтимиздаги корхона номига келтирилган “Идиш-товоқларни қуритиш мосламаси” товарининг ТИФ ТН кодини нотўғри кўрсатилганлиги аниқланиб, салкам 132 миллион сўм божхона тўловлари ундирилди.
7.03.2019