Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонда
3363
2019 йилнинг 5 март куни Жаҳон божхона ташкилотининг Бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 март куни бўлиб ўтмоқда.
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонда

Дастлаб юқори мартабали меҳмон ва Давлат божхона қўмитаси раисининг ўзаро учрашуви ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорлигига доир турли масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бош котибни мамлакатимизга ташрифи билан қутлар экан, ДБҚ Раиси М.Азимов республикамизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсат борасида хорижий давлатлар билан олиб борилаётган конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик божхона соҳасида ҳам ўзининг жадал ифодасини топаётганлигини таъкидлади.

Суҳбат давомида Бош котиб К.Микурия сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётганини, айниқса, республикадаги барча халқаро аэропортларида божхонадан ўтишда жорий қилинган икки йўлакли тизим,  товар ва транспорт воситаларининг божхона назоратида қўлланилаётган Хавфларни бошқариш тизими, қўшни давлатлар билан фаол равишда тикланаётган ўзаро борди-келдилар, хусусан ўнлаб чегара-божхона ўтказиш пунктларининг қайта фаолият кўрсатаётганлигини мамнуният билан эътироф этди.

Учрашувда асосий эътибор Ўзбекистоннинг Жаҳон божхона ташкилоти ва хорижий давлатлар билан божхона соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Дунёнинг 180 дан ортиқ давлатларини ўзида бирлаштирган мазкур нуфузли ташкилотга Ўзбекистон 1992 йил 28 июлдан аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотининг божхона амалиётлари билан боғлиқ 20 дан ортиқ халқаро конвенцияларга бевосита ва билвосита аъзо.

Божхона соҳасидаги ислоҳотлар доирасида Давлат божхона қўмитаси томонидан Жаҳон божхона ташкилоти томонидан дунё бўйлаб жорий қилинган “Савдога кўмаклашиш ва хавфсизлик стандартлари”нинг муҳим тамойили бўлмиш “Бизнес учун божхона” (Customs to Business) йўналишида амалга оширилган салмоқли ишлар ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Хусусан, турли давлатлар билан икки томонлама савдони ривожлантириш ва фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси чегарасида жойлашган 10 та, Қозоғистон Республикаси билан чегарада жойлашган 2 та чегара ўтказиш пунктлари, қўшимча 55 та транзит йўлаклари ишга туширилгани алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қиргизистон ва Беларус давлатлари билан айрим товарлар учун соддалаштирилган божхона йўлаклари ташкил этиш бўйича битимлар имзоланди. Божхона хизматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон божхона хизмати томонидан ишлаб чиқилган битим лойиҳалари бўйича дунёнинг 22 та давлатига таклифлар юборилган.

2018 йилда Жаҳон божхона ташкилотининг “Минтақавий ўқув маркази” мақомига эга бўлган ДБҚнинг Миллий кинология марказида Тожикистон божхона хизматининг 15 нафар кинологлари учун беғараз асосда 2 ойлик ўқув курслари ташкил қилинди.

Учрашув очиқ, конструктив ва самимий руҳда кечди.

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Ташриф тафсилотлари билан навбатдаги хабарларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

6.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг