Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбек-тожик чегарасида яна бир ўтказиш пункти очилди
3245
Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг ривожи жадал суръат касб этиб, стратегик шериклик даражасигача кўтарилди.
Ўзбек-тожик чегарасида яна бир ўтказиш пункти очилди

Бунда, энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига 2018 йил март ойида амалга оширган тарихий давлат ташрифлари муҳим роль ўйнади.

Айни шу ташриф арафасида 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро визасиз тартиб жорий этилди, давлат чегарасидаги 9 та ўтиш пунктларининг фаолияти қайта тикланди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари фаровонлигига қаратилган  кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини бундан буён ҳам кенгайтиришга ва мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти Узун тумани “Боғдара” қишлоғида ўзбек-тожик халқларини боғловчи яна бир ўтказиш пункти - “Боботоғ” чегара божхона пунктининг тантанали очилиши ҳам юқоридаги фикримиз тасдиғидир.

Бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли қўшни давлат бўлса-да, шундоққина ёнгинасида, чақирса овози етгудек масофада яшаётган қавму-қариндошларининг ҳолидан хабар олиш учун 110 .км. олисдаги “Сариосиё” чегара-божхона постига боришар, Тожикистон бўйлаб эса яна 40-50 км. йўл босишар эди.

“Боботоғ” чегара-божхона пунктига туташ ҳудудда Тожикистоннинг “Ҳисор” чегара-божхона постининг очилгани қўшни давлатнинг “Ҳисор” ва “Рўдакий” туманларида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳам қувончига сабаб бўлмоқда. Чунки, бу ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган иккала халқлар азалдан эту тирноқ, бир тану бир жон бўлиб яшаб келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида” ПҚ-3923 сон қарори ижроси доирасида “Боботоғ” чегара божхона постини бунёд этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Постда жисмоний шахслар, товар ва транспорт воситаларининг қисқа муддатда ва самарали равишда божхона назоратидан ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бу борада 300 млн. сўмлик бунёдкорлик ишлари  амалга оширилди. Постга элтувчи йўлларга асфальт ётқизилиб, ёритқичлар ўрнатилди, ён- атроф кўкаламзорлаштирилди.

Шунингдек, бу ерда чегарачилар, ўсимликлар карантини, санитария эпидемиология, ветеринария назорати мутахассислари, суғурта хизматларини кўрсатиш учун ҳам етарли шароитлар муҳайё қилинди.

Бир сўз билан айтганда “Боботоғ” чегара божхона пости Муҳтарам Президентимиз томонидан ташқи сиёсатда халқимиз манфаатларини кўзлаб юритилаётган дўстона ислоҳотларнинг навбатдаги амалий рамзи бўлиб хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

2.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг