Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашишда барчамиз масъулмиз!
2003
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида божхона ходимлари, уларнинг оила аъзолари иштирокида “Коррупцияга қарши курашишда барчамиз масъулмиз!” мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.
 Коррупцияга қарши курашишда барчамиз масъулмиз!

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Тадбирни бошқарма бошлиғи Б.Дадаматов очиб, мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида мазкур иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Мазкур йўналишда қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, барча соҳаларда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш асосий устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг божхона тизими ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ички бозорини ҳимоя қилувчи, давлат хазинасини тўлдирувчи ҳамда бошқа бир қатор муҳим давлат аҳамиятига молик вазифаларни бажарувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органи эканлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, бугунги кунда божхона органи ходимларининг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан бажаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги қайд этилди.

Дунёдаги энг улуғ неъматлардан бири бу оилавий тинчлик-хотиржамлик, фарзандларнинг келажаги ҳақида қайғуришдир. Шу сабабли коррупция иллатига қарши курашишида ходимларнинг оила аъзолари ҳам яқиндан кўмак беришлари зарурлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Э.Рустамов сўзга чиқиб, йиғилганларга коррупцияга қарши курашиш, нафсни жиловлаш, ҳалоллик ва шукроналик тушунчаларининг диний ва дунёвий жиҳатлари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбирда божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг узлуксиз фаолият юритувчи қисқа 11-08 “Ишонч телефони” рақами ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (78)120-76-76 телефон рақамига куннинг исталган вақтида мурожаат этиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Тадбир давомида “Коррупция - тараққиёт кушандаси” номли видеоролик намойиш этилди.

Йиғилиш сўнгида огоҳлик – давр талаби эканлиги, коррупцияга қарши курашиш муҳимлиги яна бир бора эслатилди. Озод ва обод Ватан тараққиётини таъминлаш мақсадида коррупциянинг олдини олиш барчанинг вазифаси эканлиги таъкидланди.

1.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг