Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши кураш – давр талаби
2128
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан “Коррупция-тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур” мавзусида божхона тизимида коррупцияни олдини олиш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Коррупцияга қарши кураш – давр талаби

Унда вилоят прокуратураси ва адлия бошқармаси ходимлари ҳамда божхона бошқармаси шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов сўзга чиқиб, коррупция ва унинг салбий оқибатлари, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш устувор вазифа экани, мамлакатимизда ушбу иллатни бартараф этишга қаратилаётган чора-тадбирлар, тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси А.Эшқувватов ва Жомбой туман Адлия бўлими бошлиғи Б.Жумабаевлар   коррупция давлат ва жамият тараққиётига раҳна солиб, турли салбий ҳолатларга олиб келиши тўғрисида тўхталиб ўтишди.

Қонунбузилишлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳалоллик, қонунийликка қатъий риоя этиш, масъулият ҳамда юрт тақдирига дахлдорлик, Ватанга садоқат ҳисси билан ишлаш ҳар биримизнинг бурчимиз экани алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида коррупция, унга сабаб бўлувчи омилларга бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Тадбир сўнггида коррупцияга қарши курашишдаги муаммолар ва уларнинг ечимларига доир тегишли таклиф ва тавсиялар эътиборга олиниб, ушбу йўналишдаги ишларни жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Хулоса шуки, бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқарони коррупцияга қарши курашда фаол бўлишга чорламоқда. Негаки, коррупция давлатни емиради, жамиятни инқирозга, шахсни эса маънавий қашшоқликка етаклайди. Коррупцияни енгмай туриб олдимизга қўйган буюк мақсадларга эришиб бўлмайди.

Шунинг учун бу муаммоларнинг олдини олишда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки ҳар бир фуқаро ҳам фаол иштирок этмоғи зарур.

27.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг