Шунга қарамай мазкур тартибларга риоя қилмасдан туриб айрим жисмоний шахсларнинг таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишлари кўзга ташланмоқда.
Давлат божхона хизмати органлари томонидан яқинда ана шундай уринишлар бартараф қилинди.
Жумладан, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари пойтахтимиз аэропортида Деҳлидан учиб келган фуқаро Г.А.нинг қинғир қилмишларини фош қилишди.
Ушбу шахс божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтаётиб, 100 дона “Клоназепам” таблеткаларини яширин равишда олиб кирмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди. Шунингдек, унинг ёнида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 190 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 177 дона косметика ва гигеник воситалар борлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида эса хорижий давлатдан юборилган почта жўнатмаларидан бирида психотроп таблеткалар борлиги аниқланди. Пойтахтимизда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Н. номига юборилган ушбу жўнатмада божхона декларациясида кўрсатилмаган 100 дона “Бротизолам” таблеткалари юборилган экан. Вахоланки, амалдаги қонунчиликка биноан мазкур турдаги таблеткалар муомаласи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чекланган.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара-божхона постида эса нафақат психотроп, балки наркотик моддаларни ҳам олиб киришга уринган қўшни давлат фуқароси тўхтатиб қолинди. Қарангки, ушбу шахснинг ўзи билан олиб кираётган дори воситалари орасида 149 дона “Трамадол” психотроп таблеткалари ҳам бор экан.
Шундан сўнг ушбу шахс холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ички кийими орасига 1 дона полиэтилен ўрам яширилганлиги аниқланди. Ўрамдаги 24 гр.дан ортиқ оғирликдаги модда эса экспертлар хулосасига кўра, героин гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиқди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Ҳусан Тангриев,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори
26.02.2019